O´zbek adabiyoti

O’zbekiston Milliy kutubxonasi saytida elektron kitoblarning ochiq bazasi mavjud. U yerda o´zbek tilida minglab turli yosh, mumtoz/zamonaviy, milliy/xorijiy va har-xil janrdagi kitoblarni bepul yuklab olib, pdf formatida o’qishingiz mumkin. Ro’yxatdan o’tish talabi yoq. Rasmlarda ayrim kitoblarni ko’rishingiz mumkin.
O’zbekiston Milliy kutubxonasi sayti: https://qr.natlib.uz/book/all?page=0
https://qr.natlib.uz/book/all?page=0

«Sara durdona” loyihasi, Tog’ay Murodning ”Otamdan qolgan dalalar” nomli romani haqida. Vatandoshlar fondi

Saodat Po`lkanova

https://saodat.se/sample-page/

Пўлкан сулоласидан

Ҳурматли Саодат Пўлканова ҳаёти ва ижоди ҳақида.

Атоқли халқ бахшиси Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан шоирнинг набираси Саодат Пўлканова 1973 йилнинг 5 ноябрида Навоий вилоятининг Хатирчи туманидаги Чиғатой қишлоғида туғилган. 

1990-1996 йилларда Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олган. 

1994 йил, 22 ёшида Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолигига қабул қилинган. Ўзбекистон радиосининг “Адабиёт ва радиотеатр”,” Олтин мерос”, “ Ёшлар канали” бўлимларида фаолият кўрсатган.  

Саодат Пўлканова ўқувчилик йилларидан буён ўзбек адабий жамоатчилигига ўз ижоди билан яхши танишдир. Шеърлари “Гулҳан”, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”

Ўзбекистон адабиёти ва санъати каби қатор матбуот нашрларида мунтазам ёритиб борилган. “Ёшлар овози” (1987), “Нафосат” (1988) баёзларида, ҳамда “Йўлларимиз баҳорга туташ” (1991) номли Пўлкан шоир сулоласи тўпламидан шоиранинг туркум шеърлари ўрин олган. 

1997 йилда “Таъзим” номли шеърий, 2014 йилда “Самарқанд: Муқаддас қадамжолар ҳақида ҳақиқат ва афсоналар” номли насрий китоблари нашр этилган.  Шоира таниқли журналист ва адиб Юсуф Расул билан оила қурган, уларнинг уч нафар фарзанди бор. Ҳозирги кунда оиласи билан Швециянинг Стокҳолм шаҳрида истиқомат қилади.  Саодат Пўлканова ўзбек халқ оғзаки ижодиётини тадқиқ ва тарғиб қилиш мақсадида “Пўлкан шоир” гуманитар фондини ташкил этган. 

ЎХШАШЛИК

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,

Қулоғим тутаман қушлар сасига.

Бирининг сайраши ўхшаб кетади,

Бобомнинг жарангдор дўмбирасига.

Қушлар ҳам сайроқи бўларкан шунча,

Мириқиб қарайман узмасдан кўзим.

Парилар юртига келиб қолгандай,

Боғи Эрамларда юргандай ўзим.

Мисли Гўрўғлининг Ғир оти кишнар,

Бобом айтиб берган Чамбил тоғими?

Пастликлар боғлардан ястаниб ётар,

Достонда куйланган Эрам боғими?

Қарайман ҳисларим чўғланиб яна,

Тоғлардан боғларга учиб ўтаман.

Эй она Ватаним, бу чиройингга

Умрим тугагунча қўшиқ битаман.

Саёҳат қиламан тоғларга чиқиб,

Қулоғим тутаман куйлар сасига.

Мен ёниб юртимнинг мадҳин куйлайман

Жўр бўлиб бобомнинг дўмбирасига.


”Юзга яқин достонларни куйлаб, созини дилбар оҳангда чалган Пўлкан шоир ва авлодлари Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан номини ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оламан. Сабаби Барчиной, Қалдирғоч, Орзигул, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор парилар ёш,  беғубор кўнглимда не-не  орзуларни уйғотмаган, маъно дурларини теришимга сабабчи бўлмаган дейсиз”.

Чингиз Айтматов, жаҳон тан олган туркий халқлар ёзувчиси, Қирғизистон.


”Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Дунёга донғи кетган Пўлкан бахши, унинг таниқли шоир бўлиб етишган Умарқул Пўлкан, Амирқул Пўлкан, Саодат Пўлкан, Мақсуд Пўлкан сингари фарзандлари-ю набира, чеваралари мана шу афсонавор юртда туғилган, билиб қўйинглар…” 

Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, давлат ва жамоат арбоби.

Shved durdona she’rlarini o’zbek tiliga tarjima qilib, o’qib bergan Shvetsiyadagi vatandoshimiz, o’zbek shoirasi, hurmatli Saodat Polkanovaning ijodidan bahramand bo’ling!

Ushbu hissangiz uchun cheksiz minnatdorchiligimizni bildiramiz!

Hurmat bilan,

Milliy Madaniy Markaz


Юсуф Расул

Шветциядаги ватандошимиз, журналист ва адиб ҳурматли Юсуф Расул ҳаёти ва ижодидан баҳраманд бўлинг!

Юсуф Расул, Швеция
Юсуф Расул, Ўзбекистон

ЮСУФ РАСУЛ 1971 йилнинг 24-апрелида Тожикистоннинг Панжикент тумани, Сўжина қишлоғида туғилган. 1993 йилда ТошДУ журналистика факультетини тамомлаган. 1997 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида ”Кўнгилдаги масофа” шеърлар тўплами нашр этилган. Шеърлари тожик, рус, швед ва инглиз тилларига таржима қилинган. 

Ўзбекистондаги ”Хабар”, ”Ватанпарвар”,”Эрудит” газеталарида ишлаган. Юсуф Расул ўзбек халқ достончилик мактаби асосчиси Пўлкан шоир сулоласининг адабий мероси тарғиботи билан ҳам шуғулланади. Рафиқаси, Пўлкан шоирнинг эвараси Саодат Пўлканова билан бирга Пўлкан шоирнинг веб саҳифаси ва фондини ташкил қилган. Шеърлари Британиянинг Оксфорд шаҳрида нашр этилган туркий халқлар адабиёти намуналари тўпламига киритилган. Айни пайтда Швециянинг Стокҳолм шаҳрида яшайди. Уч нафар ўғли бор.  

Юсуф Расул шеърлари:

Сен ҳамон қалбимга ишқ ӯтин ёқиб 

Безовта руҳимга соласан титроқ. 

Тонгларда адашиб, тунлар улоқиб 

Сени севишимни билмайсан бироқ. 

Оҳ, қандай севардим қора кӯзингни, 

Сенинг ишқинг билан яшардим ҳар дам. 

Бугун эслаб гулгун , нурли юзингни 

Сӯнган севгим учун тутаман мотам. 

Нега учрашдигу айрилдик нечун? 

Тумандай қоплайди қалбимни видо. 

Эрта хазон бӯлган муҳаббат учун 

Бизни кечирмайди ҳеч қачон Худо.


ххх

Сен ҳам эслайсанми, баъзан, 

Бӯм – бӯшми қалбинг – йӯқдай.. 

Ичингда ғам чекарми кимдир? 

Умидингми узулган – кӯкдан… 

Сезасанми-тонгларда туман, 

Ва унут бӯлган орзулар… 

Йиғлайсанми – дилингда гумон, 

Ишқ эса – сарғайган гуллар… 

Эслайсанми, ӯшанда ҳатто, 

Турналар айтганди видо… 

Муҳаббат қасридан қувилгач, 

Тарк этганди бизларни Худо…


Исмсиз 

1. 

Ёмғирдан сачради деразамга гард, 

Шовуллаб нимадир қулади кӯкдан, 

Юрагимга ботди аллақандай дард. 

Кучайиб бормоқда – йӯқ ниҳояси, 

Йӯқ, у соғинч эмас – исмсиз оғриқ, 

Сӯзлаб берай десам йӯқ ифодаси. 

2. 

Менга дард бер Худойим-оғир, 

Сенинг даргоҳингга етгудек узун, 

Шодликлардан юрагим оғрир, 

Фақат қайғу қалбимга мадад, 

Изтироблар кӯтарар руҳим. 

Бахш эт менга ғамни – беадад. 

Севинч -абас, туйғулар – ӯтрик. 

То ӯзимга етгунимча то 

Андуҳлардан ясайин кӯприк. 

Ӯлим каби мангу ва суюк, 

Соғинч каби узун ва чексиз, 

Бир дард бергин ӯзимдан буюк. 

Токи, сени яшай, ёд этай, 

Токи, сенга ном берай, эй, дард- 

Токи, сени тушуниб етай. 


Румий 

Агар бу йӯлларда чарчасанг, толсанг, 

Тинкангни қуритса замон – гапсотар. 

Кӯнгилга сафар қил имкон тополсанг, 

Кӯнгилга сафар қил – кӯнгил бехатар.

Кӯнгилга юкиниб топган ҳаловат, 

Замонга сиғмаган ҳам шоҳу гадо. 

Кӯнгилда яшаган шоирлар фақат 

Ӯзини Ҳақ учун айлаган фидо. 

Кӯнгилга битилган тақдир сӯзлари, 

Неки дардинг бӯлса кӯнгилга айтгин. 

Кӯнгилдан боқади Тангри кӯзлари, 

Тангрига юз бургин – кӯнгилга қайтгин. 

Агарда қайтмоғинг бӯлса гар душвор, 

Нафснинг балосини ипини узгин. 

Ишқдан сархуш бӯлгин, дунёдан ҳушёр, 

“Кӯзни юмгил-кӯзга айлансин кӯнгил”. 

21.05.29. 


Биз яна учрашдик! 

Биз яна учрашдик ӯттиз йилдан сӯнг, 

Қайта кӯришмоқлик эди бизнинг аҳд. 

Мени олиб кетди айрилиқ ва мунг, 

Сени асраб олган эди шӯрлик бахт. 

Биз яна учрашдик… 

Йиллар сӯнггида, 

Йӯқолган ҳисларни ахтариб сарсон. 

Энди сен бошқасан кӯзим ӯнгида,

Мен ҳам у эмасман, севгилим ишон. 

Унут бӯлган йиллар хотирасида 

Мангу қолиб кетган кӯзи тийран қиз. 

Севгимизнинг содиқ асирасидай 

Фақат у яшайди қалбимда ёлғиз. 

Сен эса бошқасан, 

Юзларинг сӯлғин, 

Ва оташ ҳислардан қолмаган асар. 

Йиллар шамолига сочилган, эй, гул, 

Кузги муҳаббатдан айлагин ҳазар. 

Биз яна учрашдик, 

Йилларни кечиб, 

Соғинч соҳилида кӯзларимиз ёш. 

Кечикиб ботмоқда дардимиз ичиб, 

Денгизга бош қӯйган қип – қизил қуёш…


Қишлоғим 

Чиқиб кетган эдим бағрингдан олиб 

Уфққа бӯй чӯзган орзуларимни. 

Энди қайтмоқдаман – шомларда қолиб, 

Хира тортган кӯнглим кӯзгуларини. 

Билмайсан, сен севган у содда бола 

Йилларни оралаб андуҳлар ютган. 

Излаб тополмагач қайтишга чора 

Менинг жисмим аро йӯқолиб кетган. 

Сен ҳамон кутасан – юрагинг қонаб- 

Уфқдан излайсан дилгир болангни 

Мен эса яшайман – кунларни санаб- 

Бӯғзимга тиқилган сӯнгги ноламни. 

Ӯкинма қишлоғим, мендан рози бӯл, 

Кетган келар дегин, асра сабрингни 

Ишонгин, қайтаман бағрингга бир кун, 

Фақат қизғонмасанг битта қабрингни. 


Декабр 

Ӯтиб кетмоқдасан кӯзим ӯнгида, 

Ӯтиб кетмоқдасан қалбимдан гӯё. 

Ӯтиб кетмоқдасан йиллар сӯнггида, 

Сӯнгги умидларга бӯлганча доя. 

Қиш забтига олган қора тунларда 

Зерикасан қорлар уюлишидан. 

Худолардан узоқ оғир кунларда 

Тӯхтамоқ бӯласан муюлишларда. 

Хумрайиб боқасан – қора қарғалар 

Бузсалар қағиллаб сукутларингни. 

Томларга таққанча муздан сирғалар 

Яшайсан асранди умидларингни. 

Ӯтиб кетаяпсан, тӯхтамай сира, 

Олдда кутар сени январ – фусункор. 

Ӯтиб кетмоқдадир сен билан бирга 

Бизнинг умримиз ҳам, эй, фасли инкор! 

11.01.21 


Тошкент 

Билсанг эди Тошкент… 

Соғиндим ёмон… 

Умидларим яшар кӯчаларингда. 

Сенда қолиб кетган ёшлигим ҳамон 

Девонадай кезар кечаларингда. 

Тунлари уйқусиз келинчак мисол 

Тебратиб чиқардинг бешикларингни. 

Нега ёпиб олдинг – келдими малол – 

Бир ӯжар ӯғлингга эшикларингни? 

Мен бунда ӯзимни унутиб ҳайрон 

Қайғуларим буткул дилдан аритдим. 

Сен унда тош қотган кӯзларинг гирён 

Менинг ёшлигимни яшаб қаритдинг. 

Тошкент… билсанг эди… 


Амиржонга 

Сен дард чексанг дилимда алам 

Юрак ғамга тӯлар бир пастда. 

Кӯрмай десанг кӯзларимда нам 

Ӯғлим, сира бӯлмагин хаста. 

Гар сен кулсанг куламан синиқ, 

Азоб чексанг хомуш қоламан, 

Сенга қараб бокира, тиниқ 

Болаликка қайтиб бораман. 

Қувончларинг кӯпайсин ӯғлим, 

Бахтинг кулсин доим жӯш уриб. 

Ахир сендан руҳланар кӯнглим, 

Улғаяман сенга қӯшилиб. 


Хумоюнга 

Сенга ёшлик жуда ярашар, 

Қувонасан – гуллар ифорли. 

Қизлар ҳавас билан қарашар, 

Кулишларинг ёқар-чиройли. 

Сенга мосдир янги чечаклар, 

Туйғуларинг тоза, беғубор. 

Муҳаббатдан сӯзлар эртаклар 

Юрагингда яшнаган баҳор. 

Менга эса куз керак, ӯғлим, 

Сариқ барглар – ӯкинмоқ учун… 

Заъфарондир, ғарибдир кӯнглим 

Хазон каби тӯкилмоқ учун… 


28.09.2022. 

1. 

Агар ҳақиқатдан ӯлмоқни истасанг 

Тирил – қайта ӯлмоқ учун. 

Чунки, фақат тириклар ӯлиши мумкин, 

Ӯликлар эса ӯлиб бӯлган 

Ӯлмасдан олдин. 

2. 

Агар ёлғиз қолмоқни истасанг, 

Агарда зериксанг ӯзингдан ӯзинг, 

Одамлар ёнига бор. 

Ӯзингни янада ёлғиз ҳис қиласан 

одамлар ичида. 

Ёлғизликдан дарс берар, 

Ӯзингни тинглашни ӯргатар улар.

2020/05/13 


ххх 

Мен сени севаман, 

Ҳар лаҳза, ҳар он, 

Сенинг ёдинг билан яшамоқ ишим.

Емғирли йӯлларда кезганча, ишон, 

Маҳзун кӯзларингни соғинаман жим 

Мен сени севаман… 

Ӯзимдан қочиб 

Сенинг ҳузурингда турарман ичкин. 

Ҳижрон тунларига қалбимиз очиб 

Яна учрашамиз … айрилмоқ учун, 

Мен сени севаман… 

Муҳаббат – ӯлим, 

Ишқ ӯти шунчаки дилдаги безак. 

Бизнинг висолимиз видодир, гулим, 

Бизнинг баҳоримиз … туганмас кузак. 


Муножот 

Гар кетсам бир куни лошимни судраб

Сен мени ёд этма, 

Бўлма ҳеч пурғам… 

Хотирам уйғонса, 

Руҳим нурланар, 

Сўнг эслашга мажбур бўларман мен ҳам. 

Ўтган кунларимни Қора тунларни, 

Сенинг ҳорғин чеҳранг 

Маҳзун кўзингни 

Ёдларман 

Ҳавода туриб муаллақ… 

Ёдларман

”Унутгин!” деган сўзингни… 

Яхшиси эслама, 

Бўлмагин ғамнок, 

Токи унут бўлсин бу дардли очун. 

Шунда… 

Сени эслаб 

Саҳарда туриб, 

Йиғларман ЎЗимни унутмоқ учун…


O'zbekiston Respublikasining Shvetsiya Qirolligidagi Elchixonasi Vatandoshlar Jamoat Fondi

Social Share Buttons and Icons powered by Ultimatelysocial
Facebook
Instagram